Ссылки доступа

ДСҚ ўз ходимларининг даромад ва активларини мажбурий декларациялашни таклиф этди


Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳар йили даромадлари ва эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларация тақдим этиш бўйича мажбурий талабни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутиляпти.

Бундан ташқари, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.

“Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади”, дейилган хабарномада.

Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq.uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилган.

Аввалроқ Озодлик бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов амалдорларнинг харажатлари, уйи, машинаси, кийим-кечагу соатигача назорат қилиниши лозимлиги ҳақида гапиргани, ундан кейин адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда бюджет пуллари сарфланиши шаффофлиги таъминланиши, шу билан бирга, амалдорларнинг кўчмас мулк ва машиналари тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши кераклигидан баҳс этгани хусусида хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG