Ссылки доступа

Тожикистон Қирғизистон билан чегарадаги қуролли тўқнашув қурбонлари сонини расман эълон қилди


Тожикистон расмийлари яқинда тожик-қирғиз чегарасидаги қуролли можаро қурбонлари сонини расман эълон қилди. Сўғд вилояти маъмурияти матбуот хизматининг хабар беришича, тўқнашувлар пайтида 19 киши ҳалок бўлган ва 87 киши жароҳат олган.

Тожикистон томони қурбонлари рўйхати бир неча кундан кейин эълон қилинди, гарчи Қирғизистон томони можаронинг дастлабки кунларида оммавий ахборот воситаларига бундай статистик маълумотларни тақдим этди ва ушбу рўйхатни доимий равишда янгилаб турди.

Шу орада, Сўғд вилояти маъмурияти ҳалок бўлганларнинг оилаларига 700 минг сомоний (ҳар бир оилага 70 минг сомоний) миқдорида моддий ёрдам ажратилганлигини эълон қилди. Умуман олганда, ҳукумат ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг оилаларига 3 миллион сомоний ёрдам ажратди.

Тожикистонда тожик-қирғиз чегарасидаги можарода ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилалари учун маблағ йиғиш ва инсонпарварлик ёрдами бошланди. Айни пайтда юзлаб одамлар чегара ҳудудининг зарар кўрган аҳолисига ёрдам бериш истагини билдирган. Ушбу акцияга Нью-Йоркдаги Насли Навини Токикон (Тожикларнинг янги авлоди) маркази ва Facebookдаги Ахбор Барои Афкор (Фикр учун маълумот) гуруҳи ҳам қўшилди.

ТР маъмурияти можаро натижасида 20 та турар-жой бинолари ва ижтимоий объектларга зарар етказилганлигини айтди. Аммо, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан тузилган рўйхатга кўра, фақатгина Исфаранинг Чоркуҳ қишлоқ жамоатининг ўзида 34 та турар-жой бинолари қисман ёки тўлиқ вайрон қилинган.

28-29 апрель кунлари тожик-қирғиз чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди.

Қирғизистон расмийларининг айтишича, яқинда бўлиб ўтган чегара тўқнашувларида 189 қирғизистонлик фуқаро жароҳат олган ва яна 36 киши, шу жумладан икки бола ҳалок бўлган.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари бир-бирларини уруш очиш ва катта зарар етказишда айбламоқда. Икки мамлакат Бош прокуратуралари чегарадаги воқеалар юзасидан жиноий иш қўзғади.

Тожикистон ва Қирғизистон 2002 йилда давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилиш бўйича ишларни бошладилар ва чегараларнинг 60 фоизини келишиб олдилар. Ҳозирда 976 км давлатлараро чегарадан атиги 504 км делимитация ва демаркация қилинган. Ушбу ҳолат кўпинча чегара ҳудудлари аҳолиси ўртасида сув ва ердан фойдаланиш бўйича келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Кўпинча бундай тўқнашувлар одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG