Ссылки доступа

SpaceX кемасининг прототипи бўлган Starship илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди (видео)


SpaceX's Elon Musk gives an update on the company's Mars rocket Starship in Boca Chica
SpaceX's Elon Musk gives an update on the company's Mars rocket Starship in Boca Chica

SpaceX ширкати ишлаб чиққан бошқариладиган коинот кемасининг прототипи бўлган Starship кемаси 6 май куни Ерга илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди.

Starship SN15 Техас штатидаги Бока-Чика полигонидан синов мақсадида осмонга учирилди. Синов жараёнида ракета 10 километр юқорига кўтарилди ва аэродинамик тўхташни амалга ошириб, двигателларини ўчирди. Кейин двигателлар яна қайта ишга туширилиб, ракета вертикал ҳолатга қайтарилди ва старт майдонига юмшоқ қўнишни амалга оширди. Синов парвози 6,5 дақиқа давом этди.

Бу ракета прототипининг илк марта муваффақиятли амалга оширилган парвози бўлди. Масалан, 30 март куни учирилган прототип ҳавога кўтарилганида портлаб кетган. Март ойининг бошларида парвоз қилган ракета эса Ерга қайтганидан сўнг ёниб кетди. Декабрь ва февраль ойларида ўтказилган синовлар ҳам муваффақиятсиз якунланган эди.

Апрель ойи охирларида SpaceX раҳбари Илон Маск коинот кемасининг сўнгги прототипи “юзлаб конструктив ўзгартиришлар билан мукаммаллаштирилгани”ни эълон қилган эди.

Starship лойиҳаси 2019 йилда жамоатчиликка эълон қилинган. Лойиҳадан мақсад “Супер Хэви” деб аталадиган биринчи кўп босқичли ва иккинчи кўп босқичли ҳамда Starshipнинг ўзидан иборат бўладиган ўта оғир ракетани яратишдир. Мазкур ракета одамларни ва юкларни Ер орбитаси, Ой ва Марсга олиб чиқишда қўлланилиши режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG