Ссылки доступа

Пойтахт ҳокимлиги: “Ўлмас полк” акциясига ҳеч бир мутасадди ташкилот рухсат бермаган


“Ўлмас полк” акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда фаолият юритувчи русийзабон сайтларда, хусусан, Podrobno.uz нашрида ҳокимлик мазкур акцияни ўтказиш бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига буйруқ бергани иддао этилмиш хабарлар ёйинланганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларига кўра, аслида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари М. Муҳитдинов пойтахтда “Ўлмас полк” (хабарномада “Бессмертный полк” деб ёзилган – таҳр.) акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган.

“Бироқ Интернетдаги хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга “Принять к исполнению в установленном порядке” тарзида эмас, балки “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин”, яъни “Рассмотреть в установленном порядке” дея имзо чекилган”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.

Ҳокимлик матбуот хизмати бу ўринда мутасадди раҳбарнинг топшириғини нотўғри таржима қилиш оқибатида англашилмовчилик юзага келгани, натижада кенг жамоатчиликка “мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда” деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилганига эътибор қаратган.

Пойтахт ҳокимлиги қайдича, “Ўлмас полк” акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган.

Республика махсус комиссияси қарорига асосан жорий йил 1 майидан бошлаб Ўзбекистонда турли оммавий тадбирлар, хусусан, концерт дастурлари, байрам томошалари ва оммавий юришларни ўтказиш вақтинчалик тўхтатилганини урғулаган ҳокимлик “бундай чекловлар юзлаб одамлар иштирок этиши кўзда тутилган “Ўлмас полк” оммавий тадбирига ҳам дахлдор эканини унутмаслик лозим”лигини қўшимча қилган.

“Ўлмас полк” тадбири Ўзбекистон президентининг шу йил 20 апрелидаги қарорига илова қилинмиш “9 май — Хотира ва қадрлаш куни, умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури”дан ҳам ўрин олган эмас. Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ эса Хотира ва қадрлаш кунии билан боғлиқ оммавий тадбирларни карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш зарур ва бунда байрам дастурида назарда тутилмаган бошқа ҳар қандай оммавий тадбирни ўтказиш тақиқланади.

Аввалроқ Россияда бу йил ҳам ўтган йили бўлганидек 9 май - Ғалаба куни “Ўлмас полк” маршисиз нишонланиши, ташкилотчилар буни коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари билан изоҳлашгани ҳақида хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG