Ссылки доступа

Янги тузилган Туризм ва спорт вазирлигида ходимлар ёппасига ишдан бўшатилмоқда


Ўзбекистондаги спорт мактаблари директорлари Туризм ва спорт вазирлигидан олган огоҳлантирув хатларида улар билан тузилган меҳнат шартномаси 2 ойдан кейин бекор қилиниши айтилган.

Огоҳлантириш хатларида айтилган чора тўлиқ қўлланса, янги тузилган Туризм ва спорт вазирлиги тасарруфидаги тақрибан 250 та спорт мактабларининг директорлари, уларнинг ўрибосарлари, бош бухгалтерлари ишсиз қолади.

“Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирув хати”ни Туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Каримов имзолаган.

Унда адресатга Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 апрелдаги қарори билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилгани эслатилган.

“Шу муносабат билан, - дейилади хат давомида, - Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 100- моддаси, 2-қисмининг 6- бандига асосан Сиз билан тузилган меҳнат шартномаси 2 (икки) ойдан сўнг бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириласиз”.

Меҳнат кодексининг 100- моддасида меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши назарда тутилган.

100- модда, 2-қисмининг 6- банди мазмунига кўра, нафақат корхона раҳбари, балки унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ёки у йўқ бўлган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи ходим ҳам ишдан бўшатилади.

Огоҳлантириш хати олганлардан бири “бундай хатларни мамлакатдаги барча спорт мактаблари директорлари олган”ини айтди. Унинг айтишича, “бутун республика бўйича 250 та атрофида спорт мактаблари бўлиб, уларнинг барчаси директорларига огоҳлантирув берилган”.

Тошкент шаҳар Туризм ва спорт бошқармаси кадрлар бўлимининг ўзини таништиришни истамаган мулозими спорт мактаби директоридан олинган маълумотни тасдиқлади:

“Огоҳлантирув хатлари берилгани рост. Тошкент шаҳридагина эмас, бутун республика бўйича берилган бундай хатлар”.

Бошқарма мулозимининг сўзларига қараганда, масала спорт мактаблари директорлари даражасидан кенгроқ.

Янги вазирлик ўз ходимларига деярли ёппасига ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантирув хатлари берганига Телеграмдаги Yuristkadr канали эътибор қаратди. Юрист Саидали Мухторалиевники эканлиги айтилган Yuristkadr канали мазкур масала юзасидан бир неча пост эълон қилди.

Постлар муаллифининг фикрича, янги тузилган Туризм ва спорт вазирлигидаги ходимлар ёппасига ишдан бўшатилмаслиги керак.

Чунки, юрист фикрича, Президентнинг 2021 йил, 6 апрелдаги қарорига биноан Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган.

Яъни янги вазирликка айланган бир вазирлик ва бир қўмита тугатилмаган.

“Бу ерда ҳеч қанақасига тугатиш деган нарса йўқ. Аксинча, тизим сифатида иккита юқори юридик шахсни ва уларнинг жойлардаги ҳудудий органларини (юридик шахсларни) қўшиб юбориш орқали, ягона тизим – Туризм ва спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ва туман (шаҳар) бўлимлари қайта ташкил қилинмоқда. Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланган”, деб тушунтиради Yuristkadr.

Yuristkadrнинг фикрича, Туризм ва спорт вазирлиги огоҳлантириш хати мазмунидан келиб чиқилса, мамлакатлардаги спорт мактабларининг ўзиданоқ 1000 га яқин одам ишдан бўшатилади

Юрист “айрим давлат идораларида ҳали ҳам асоссиз ишдан бўшатиб, қайта ишга олиш деган одатлар тўхтамаётганига” эътибор қаратиб, бу ҳолатни у “ишдан бўшатиш бизнеси” деб атади:

...бўшаган иш ўринлари “савдога қўйилади”. Бўшатилган одам ҳам савдода иштирок этиши мумкин, у бўшаб туриб, қайтадан шу лавозимни эгаллаш учун яхшигина “соққасини отади”.

XS
SM
MD
LG