Ссылки доступа

Янги алифбо таҳририга оид қонун лойиҳаси муҳокамаси яна 6 ой давом этади


Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамасини жорий йилнинг 1 ноябригача давом эттиришга қарор қилган.

Бу ҳақда Давлат тилини ривожлантириш департаменти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур қарор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ҳар томонлама пухта, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ва таклифларини чуқур ўрганган ҳолда такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Департамент келажак 6 ой давомида масъуллар томонидан қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига бағишланган илмий анжуманлар, маъруза ва семинарлар ўтказилиши, алифбога шаклий ўзгаришлар киритилиши муносабати билан талаб этиладиган харажатлар миқдори ўрганилишини, оммавий ахборот воситаларида такомиллашаётган алифбонинг турли (фонетик, график, техник, имло) хусусиятларига доир туркум кўрсатув ва мақолалар ташкил этилишини урғулаган.

“Илмий анжуманларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар турли соҳа олим ва зиёлиларидан иборат экспертлар гуруҳи иштирокида ўтказиладиган конференцияда кўриб чиқилиб, якуний хулосага келинади ҳамда лойиҳа билан биргаликда Ҳукуматга киритилади”, дейилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти хабарномасида.

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги версияси лойиҳаси шу йил 16 март куни муҳокамага қўйилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилиб, regulation.gov.uz сайтида ёйинланган қонун лойиҳаси муҳокамаси 31 мартгача давом этиши кўзда тутилганди. Янги алифбодан 28 ҳарф, битта ҳарфлар бирикмаси ҳамда тутуқ белгиси ўрин олган.

Департамент 15 кунлик муҳокама давомида лойиҳани 26 мингдан зиёд киши кўриб, 1035 та фикр қолдиргани, таклифларнинг 56 фоизи (547 таси) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилинишига оид экани, таклиф ёзганларнинг 32 фоизи (302 нафари) эса амалдаги алифбода қолишни ёқлаганини очиқлаган.

XS
SM
MD
LG