Ссылки доступа

Португалия: Украиналикни уриб ўлдирган чегарачилар 7 йилдан 9 йилгача қамоққа ҳукм этилди


Украиналик Игорь Гоменюкка оғир тан жароҳати етказиб, калтаклар зарбидан аэропорт изоляторида ўлишига сабаб бўлган уч нафар португалиялик чегарачи 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар қилди ВВС.

40 яшар Игорь Гоменюкни Лиссабон аэропортида 2020 йилнинг мартида қўлга олишганди. Украиналикнинг ишчи визаси бўлмаган, аммо у ватанига учиб кетишни ҳам хоҳламаган. Португалия чегарачилари уни изоляторга қамаб, резина таёқлар билан уриб, тепишган, сўнгра қўллари орқага кишанланган ва оёқлари боғлиқ ҳолида камерада қолдиришган. Гоменюк синган қовурғаларидаги оғриққа чидай олмай, икки кун ўтиб вафот этган.

Уни калтаклаган чегарачилар оғир тан жароҳатлари етказгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судда ўлим факти инобатга олиниб, узоқ муддат тайинланган, аммо улар “одам ўлдириш” моддаси бўйича айбдор деб топилмаган. Суд калтакловчиларнинг мақсади Гоменюкни ўлдириш бўлганини исботлай олмагани учун жараёнда прокурорлар ушбу айбловдан воз кечишган. Бироқ судья улар украиналикни “жони оғриши ва азобланиши учун” калтаклашни мақсад қилишганини эътироф этган.

“Игор Гоменюкнинг ўлими — судланувчиларнинг унга нисбатан муомаласининг тўғридан-тўғри оқибатидир, ҳолбуки улар ўзларини бошқача тутишлари лозим эди”, дея иқтибос келтирган судья Руи Коэльонинг ҳукмидан ВВС.

Гоменюкнинг ўлими Португалияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Чегара хизмати бошлиғи Криштина Гатойнш истеъфога кетди, ҳукумат эса чегара хизматини тарқатиб юбориб, ўрнига Чет элликлар ва бошпана изловчилар билан ишлаш хизмати ташкил этилишини эълон қилди.

Португалия бош вазири украиналикнинг ўлдирилишини “кечирилмас иш” деб атади.

Гоменюкнинг оиласига 850 минг доллар товон тўланди.

“Бу воқеа барча чегарачиларга сабоқ бўлажак, зеро ҳар куни оғир вазифаларини бажараётган бўлсалар-да, ваколатларини суиистеъмол қилишга уларнинг ҳақлари йўқ”, деган украиналикнинг оиласи манфаатларини ифода этган адвокат.

Судланганларнинг адвокати эса ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG