Ссылки доступа

Қуддусда сулҳ ўрнатиш чақириқларига расмий Тошкент ҳам қўшилди


Ўзбекистон расмийлари Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан чуқур хавотир изҳор қилдилар. Бунга оид баёнот 12 май оқшомида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилди.

“Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз”, дейилган ТИВ баёнотида.

Ўзбек дипломатлари мулоҳазасича, Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур.

“Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши лозим”, деб ҳисоблайди ўзбек дипломатлари.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар бир неча ҳафтадан бери давом этаётгани ҳақида Озодлик илгарироқ хабар қилган. Бу ердаги тўқнашувларда элликка яқин фаластинлик ва камида 6 нафар исроиллик вафот этгани, 500 чоғли одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Аввалроқ БМТ масъуллари, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россия расмийлари Қуддусда сулҳ ўрнатиш чақириқлари билан чиққан эдилар.

XS
SM
MD
LG