Ссылки доступа

Имомали Раҳмон танқидлар фонида Қирғизистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди


Тожикистон президенти Қирғизистон билан чегарада содир бўлган қонли тўқнашувлардан икки ҳафта ўтиб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.

12 май куни Рамазон Ҳайити байрами муносабати билан йўллаган хабарида Имомали Раҳмон шундай деди: «Мен Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасидаги можаро натижасида ҳалок бўлганларнинг оилалари ва қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдираман.» У ярадорларга ва жароҳат олганларга тўлиқ тикланишларини тилаб қолди.

Тожикистон — Қирғизистон чегарасида тўқнашувлар 28-29 апрель кунлари бўлиб ўтди. Аммо фақат 6 май куни Тожикистон ҳукумати чегаралардаги тўқнашувлар пайтида 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини тасдиқлади.

Қирғизистон томонининг маълумотларига кўра 189 нафар Қирғизистон фуқароси жароҳат олган ва 36 киши, шу жумладан икки бола ҳалок бўлган. Қирғизистон президенти Садир Жапаров 1 ва 2 май кунлари яқинда бўлиб ўтган чегара тўқнашувлари қурбонлари хотирасига миллий мотам эълон қилди.

Сўнгги икки ҳафта ичида чет элдаги тожик мухолифати вакиллари президентни қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирмагани учун бир неча бор танқид қилдилар.

Ҳукумат вакиллари жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириш учун ташриф буюрганликларини ва Президентнинг топшириғига биноан ҳар бир оилага 70 минг сомоний (6 минг доллардан ортиқ) берганликларини айтдилар.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари бир-бирини можарони бошлаганликда ва улкан зарар етказганликда айбламоқда. Икки мамлакат Бош прокуратуралари чегарадаги воқеалар юзасидан жиноий иш қўзғашди.

Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилиш бўйича ишларни 2002 йилда бошлаган ва чегараларнинг 60 фоизини келишиб олган. Ҳозирда 976 км давлатлараро чегарадан атиги 504 км делимитация ва демаркация қилинган. Ушбу ҳолат кўпинча чегара ҳудудлари аҳолиси ўртасида сув ва ердан фойдаланиш бўйича келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Кўпинча бундай тўқнашувлар одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG