Тўлахўжаевга кўра, бундан уч йил аввал Ўзбекистон президентининг қарори билан ташкил этилган “Мультипликацион фильмлар студияси” фаолияти “Ўзбеккино” раҳбарининг май ойидаги қарори билан тугатилган ва ходимлари ишдан бўшатилган.
- “Мультипликацион фильмлар студияси”нинг 30 нафар профессионал ходимлари – аниматорлар, режиссёрлар, муҳаррирлар кўчага улоқтирилди. Кўчада қолган айрим режиссёрлар ва аниматорлар иш излаб Россия, Қозоғистонга кетиш ҳақида ўйлаяпти. Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ўзбекистонлик болаларни қувонтириб келган профессионал, давлат анимациясини шу билан ўлдиришди ва дафн қилишди. “Ўзбеккино”нинг ҳозирги раҳбари ўзбек анимациясининг гўркови сифатида тарихда қоладиган бўлди, - дейди Тўлахўжаев.
Таниқли мультипликатор ва актёр Нозим Тўлахўжаев.
Бундан олдин “Мультипликацион фильмлар студияси”нинг бир гуруҳ ходимлари ҳам “Ўзбеккино” раҳбариятини мультипликацияни йўқ қилишда айблаб чиқишганди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Нозим Сафари “Мультипликацион фильмлар студияси” Ўзбекистон президентининг қарори билан тугатилаётганини айтди.
“Президентнинг кинематографияга оид янги қарорига биноан айрим давлат унитар корхоналари билан бирга “Мультипликацион фильмлар студияси” ҳам фаолиятини тўхтатмоқда. Бу дегани мультфильм санъати тугатиляпти, дегани эмас. Хусусий секторга берилади. Хусусий студиялар ўзларининг ассоциациясини ташкил қилган. Анимация санъат ўлароқ тугамайди”, - дейди Нозим Сафари
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Сафари “Анимацион фильмлар студияси” ДУК томонидан яратилган, бунинг учун улкан давлат маблағлари сарфланган анимацион фильмлар ўзбек ёш томошабинлари эътиборини жалб қила олмаганини ҳам кўшимча қилди.
“Сўнгги пайтлар болалар орасида маҳаллий анимацияга қизиқиш пасайгани рост. Ўзбек мултфильмларини болаларга ҳам кўрсатдик, телевизион рейтингларни ўргандик. Замонавий дунё болалар талаби анча баланд. Хусусий секторда эса жонланиш сезилмоқда. Хусусий студиялар яхши ишлаяпти. Улар анимацияда 3D технологияларини қўлламоқда. Рақобат пайдо бўлсин, яхши мультфильмлар пайдо бўлсин, деб қилиняпти бу ишлар. Лекин мультипликаторлар кўчада қолмайди. Уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланади”, - дейди Сафари.
Нозим Тўлахўжаев “Мультипликацион фильмлар студияси” ишлаган қисқа метражли фильмлар сифати паст, деган фикрга қўшилмайди.
“Ярим аср давомида шаклланган ўзбек мультипликацияси бу. Халқаро фестивалларда совринлар олган мультипликация бу. Ҳозир ҳусусий студиялар шу фестивалларга чиқиб кўришсин-чи. Афсуски, “Ўзбеккино”га кинони тушунмайдиган, ўз даврида Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилиб юрган одам келиб, ҳамма ёқни расвосини чиқарди. Президентимиз мультфильм саънатини ривожлантираман деб турган пайтда бу одам саънатни ўлдирди. Агар раҳматли Обид Асомов тирик бўлганида, бунга йўл қўймасди”, - дейди Нозим Тўлахўжаев.
Совет даврида халқаро совринлар олган ўзбек мультипликацияси, мутахассисларга кўра, кейинги чорак аср мобайнида ривожланмасдан қолиб кетди.
2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев қарори билан миллий кинематографияни ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унинг доирасида «Ўзбеккино» Миллий агентлигига 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 тадан мультфильм ишлаб чиқаришга маблағ ажратиладиган бўлди.
2018 йилда Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг фармони асосида “Анимацион фильмлар студияси” ДУК ташкил қилиниб, унга таниқли хажвчи Обид Асомов раҳбар этиб тайинланди. Обид Асомов ўлими ортидан студия молиявий ва ташкилий муаммолар гирдобида қолгани айтилади.