Ссылки доступа

Санкт-Петербургдаги оммавий муштлашувдан сўнг, тожикистонлик олти муҳожирга қарши жиноий иш қўзғатилди


Санкт-Петербургда Марказий Осиёдан келган фуқаролар ўртасида содир бўлган оммавий муштлашувдан сўнг, тожикистонлик олти меҳнат муҳожирига қарши жиноий иш қўзғатилди.

«Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Олти нафар гумонланувчи Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддаси асосида ҳибсга олинган», — дейилади полицияда.

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, жанжал Санкт-Петербургнинг Приморский округида, Репишчева ва Вербная кўчалари кесишмасида содир бўлган. Ҳодиса сабаблари ҳақида хабар берилмаган. Шу билан бирга, баъзи оммавий ахборот воситалари бу жангда юзгача одам қатнашганини, уларнинг баъзилари ёғоч қозиқлар ва темир таёқчалар билан қуролланганлигини таъкидламоқда.

Полиция жангнинг 45 иштирокчисини ҳибсга олди ва полиция бўлимига етказиб берди. Фонтанка ахборот агентлиги полиция ходимлари ва Росгвардия зобитлари қидирув итлари билан биргаликда меҳнат муҳожирлари яшайдиган ётоқхонани қандай текширишини акс эттирадиган махсус операция видеосини эълон қилди.

Полициянинг таъкидлашича, жами 130 нафар чет эл фуқароларининг ҳужжатлари текширилган ва улардан камида биттаси сохта ҳужжатлар учун жавобгарликка тортилган.

Илгари, Марказий Осиё аҳолиси ўртасида вақти-вақти билан турли сабабларга кўра тўқнашувлар бўлиб келган. Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилган тожикистонлик барча олти фуқаро ҳам битта қурилиш компаниясида ишлайди.

XS
SM
MD
LG