Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти Қумторда вақтинча ташқи бошқарувни жорий этишни маъқуллади


Жўқорғи Кенгес Вазирлар Маҳкамасига “Qumtor Gold Company” га вақтинча ташқи бошқарувни жорий қилишни топширди. Ушбу қарор 17 май куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида қабул қилинди.

Шу билан бирга, депутатлар корхонада ташқи бошқарувни жорий этишни таклиф қилган “Qumtor Gold Company” фаолиятини текшириш бўйича давлат комиссиясининг ишини уч ойга узайтирдилар.

«Акциядорлик жамиятлари тўғрисида»ги қонунга ва Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексига концессия шартномаси асосида иш олиб борадиган кон қазиб олиш корхоналарида ташқи бошқарувни жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар 6 май куни Жўқорғи Кенгес томонидан қабул қилинган. 14 май куни ушбу ҳужжатни Президент Садир Жапаров имзолади.

Қонунга биноан, агар концессия шартномаси асосида иш юритадиган корхона ўз фаолияти давомида экологик қонунларни бузса, инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солса ёки катта зарар етказса, у ҳолда ҳокимият органлари вақтинча ташқи бошқарувни жорий этиш имкониятига эга. Ва Жиноят кодекси ташқи бошқарувни жорий этишга қарши бўлган компаниялар вакилларини жазолаш тўғрисидаги нормани жорий этади.

Жўқорғи Кенгеснинг 17 майдаги мажлисида Қумторда ташқи бошқарув уч ойга жорий этилаётгани, аммо зарурат туғилганда ушбу муддат яна уч ойга узайтирилиши мумкинлиги қайд этилди.

7 май куни Бишкек шаҳрининг Октябрь туман суди тўрт кишининг “Qumtor Gold Company” ЁАЖга қарши даъвосини қондирди ва компанияни Давйдов ва Лйсй конларида чиқиндиларни сақлаш учун давлатга 261 миллиард 719 миллион сом миқдорида зарарни тўлашни мажбур қилди.

12 май куни “Қумтор” компанияси фаолиятини текшириш бўйича давлат комиссияси ўз хулосасини эълон қилди ва компаниядан қарийб 460 миллиард сом йиғишни таклиф қилди. Бундан ташқари, 11 май куни Иссиқкўл вилояти Ички ишлар бошқармаси Қумтор конидаги аввалги воқеалар юзасидан иш тергов қилинаётгани ҳақида хабар берди.

“Qumtor Gold Company”га эгалик қиладиган “Centerra Gold Inc." Қирғизистон расмийларининг “Қумтор” га нисбатан ҳаракатлари ва қарорларини конни миллийлаштириш ёки компанияни кондан воз кечишга мажбур қилиш ташаббусини оқлашга уриниш деб билишини айтди. 16 май куни Канадалик инвестор Қирғизистон ҳукуматига қарши ҳакамлик муҳокамасини бошлагани маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG