Ссылки доступа

Андижонда “Мотамсаро она” ҳайкали қучоғида видеога тушган тиктокер 15 суткага қамалди


Андижон шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали қучоғига ётиб олиб видеога тушган З.К. суд ҳукми билан 15 суткалик қамоқ жазосига тортилди. Бу ҳақда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода 37 ёшли тиктокер ҳайкал қучоғида ётгани акс этган, тасвирга олувчининг “Нима қиляпсан?” деган саволига у “Ётибман онахоннинг қучоғида” дея жавоб берган, айни пайтда “онахон”ни танимаслигини эътироф этган.


Ҳодиса ортидан тиктокер судланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан жазога тортилган. Суддан сўнг З.К. қилган ишининг ножўя эканини тушуниб етганини, халқдан узр сўрашини айтган.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Андижон тумани “Қўшчинор” маҳалласида яшовчи, 3 нафар фарзанди отаси бўлган 37 ёшли бу тиктокер аввал ҳам ўзини поезд тагига ётиб олгандек кўрсатиб, видео олгани учун жазога тортилганди.

Аввалроқ Озодлик Каттақўрғон боғидаги Навоий ҳайкали олдида “ноўрин ҳатти-ҳаракатларни амалга оширган” тиктокер ва унинг шериги суд ҳукми билан 15 суткага қамалгани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG