Ссылки доступа

Блинкен АҚШ ва Россия ҳамкорлиги сақланишига умид билдирди


АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 18 май куни Исландия пойтахти Рейкявик шаҳрида иқлим ўзгариши бўйича музокараларда ҳамда Арктика кенгашининг вазирлар даражасидаги йиғилишида иштирок этди.

Аввалроқ давлат котиби 19 май куни Рейкявикда илк бор Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан шахсан учрашиши ҳақида хабар берилганди. “Америка овози” қайдича, учрашув АҚШ ва Россия муносабатлари ўта таранглашган паллага тўғри келмоқда. Икки вазир президентлар Жо Байден ҳамда Владимир Путин ўртасида кечажак олий даражадаги Россия-Америка учрашувига замин яратишлари керак.

Давлат департаменти Блинкен ва Лавров учрашуви “Россия билан олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган алоқалар”ни ўрнатишни муҳокама қилишга имкон беради, деб ҳисоблайди.

Давлат департаментининг юқори мартабали мулозими Блинкенга ҳамроҳлик қилаётган журналистларга Байден маъмурияти Россия билан Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш бўйича 3-шартнома муддатини узайтириш масаласида олға силжишга эришгани, айни чоғда қийинчиликларга ҳам дуч келганини маълум қилган.

Энтони Блинкен 18 май куни Рейкявикда чиқиш қиларкан, АҚШ ва Россия муносабатларидаги ҳозирги даврга баҳо берди:

“Биз аниқ-равшан қилиб айтдикки, агар Россия бизнинг манфаатларимизга, иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз манфаатларига қарши қаратилган масъулиятсизларча ва тажовузкорона ишларга жазм қилгудек бўлса, биз буни жавобсиз қолдирмаймиз — ихтилоф чиқариш ёки уни кучайтириш учун эмас, шунчаки бунақа хатти-ҳаракатлар жазосиз қолдирилмаслиги лозим бўлгани учун”, деди Блинкен.

АҚШ Давлат котиби ўз мамлакати Россия билан узоқ йиллар мобайнида кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилганини урғулади.

“Умид қиламизки, ҳамкорлигимиз яна давом этажак, Арктика тинч ҳамкорлик ва ишбирлиги ҳудуди бўлиб қолажак. Бироқ, кўряпмизки, Россия денгизларга доир ноқонуний даъволарини илгари сурмоқда, хусусан чет эл кемаларининг Шимолий денгиз йўли орқали ўтиши билан боғлиқ иддаолари халқаро ҳуқуққа зиддир. Биз бунга жавоб беришимиз керак, шундай қиламиз ҳам”, деди Э. Блинкен.

АҚШ давлат котиби ўз сўзида: “Мен Арктикани ҳарбийлаштиришдан тийилишимиз керак, деб ҳисоблайман. Ўтмишда бизнинг кўп жабҳалар бўйича яқин ҳамкорлигимиз бўлган, ушбу алоқаларни келажакда ҳам сақлаб қолишдан умидворман”, дея қўшимча қилган.

Байден ва Путин ўртасида яқин истиқболда ўтказилиши кутилаётган учрашувнинг вақти ва жойи тўғрисида ҳозирча ҳеч бир расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG