Ссылки доступа

Қашқадарёда “Қизил китоб”га киритилган юзлаб тошбақани олиб кетаётганлар қўлга тушди


Қашқадарёдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилмоқчи бўлган тошбақалар (Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси фотоси)
Қашқадарёдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилмоқчи бўлган тошбақалар (Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси фотоси)

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани “Умакай” йўл-патруль хизмати мунтазам масканида шу йилнинг 21 май куни 700 га яқин Ўрта Осиё чўл тошбақасини олиб кетаётган браконьерлар ушланган.

Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати қайдича, тошбақаларни олиб кетаётган браконьерлар зикр этилган постда Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими ходимлари томонидан вилоят ИИБ ЙПХХ, вилоят ўсимликлар карантин инспекцияси ва вилоят витеринария ходимлари билан ҳамкорликда тутилган.

Вилоят ҳудудидан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётган тошбақалар бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий кўриб чиқиш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин тошбақалар экологик муҳофаза ҳудуди ҳисобланган Бухоро ихтисослаштирилган Жайрон питомнигига топшириш учун жўнатилган.

Маълумотларга кўра, ноёб эндимек тур ҳисобланган Ўрта Осиё чўл тошбақаси Ўзбекистоннинг барча адирликларида учрайди. Мустаҳкамлашган қумлар, сертўпроқ чўлларда яшаб, тоғда денгиз сатҳидан 1300метр баландликкача кўтарилади. Баъзан водийдаги сийрак майсали даштлар ва қишлоқ хўжалиги ерларида (шудгор, полиз ва далаларда) ҳам учрайди.

Тошбақаларнинг антропоген омиллар таъсирида яшаш жойлари ўзгариши ва йўқ қилиниши, хусусан, яйловлардан чорвачилик мақсадида узоқ йиллардан бери ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш, қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тижорат мақсадида тошбақаларни овлаш ва тухумларини териш, жумладан, браконьерлар томонидан турли ноқонуний мақсадларда териб олиниши натижасида ушбу тур камайиб кетмоқда. Шу важдан ҳозирги кунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоб”и янги нашрига киритилган.

XS
SM
MD
LG