Ссылки доступа

Қирғизистон Республикаси Президенти Россияга амалий ташриф билан учиб кетди


24 май куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров амалий ташриф билан Сочи шаҳрига (Россия Федерацияси) учиб кетди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, у Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказишни режалаштирган, унинг давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Қирғизистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади.

«Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан КХШТ, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Евросиё иқтисодий интеграциясини чуқурлаштириш масалалари бўйича ўзаро муносабатларга алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади нашрда.

Бундан ташқари, томонлар коронавирус пандемиясига қарши чораларни, шу жумладан Қирғизистонга Россия вакциналарини етказиб беришни муҳокама қилишни режалаштирмоқдалар.

Мавжуд маълумотларга кўра, Қирғизистон расмий делегацияси таркибига ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Дастан Дюшекеев ва Қирғизистон Республикасининг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гулнара-Клара Самат ҳам кирган.

Аввалроқ Садир Жапаров ва Владимир Путиннинг учрашуви чоғида «долзарб минтақавий муаммолар, шу жумладан қирғиз-тожик чегарасида барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашиш режалаштирилаётгани» хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Москвада Владимир Путин билан учрашган ва у ерда тожик-қирғиз чегарасидаги воқеаларга тўхталиб, тожик ҳукуматининг барча мавжуд муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича қатъий позициясини таъкидлаган

28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегараларида қуролли тўқнашув бўлиб ўтди, натижада 154 киши жароҳат олди, 36 киши вафот этди, шу жумладан икки бола. Тожикистон расмийлари 19 киши ўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилди.

Иккала мамлакат ўзаро айбловларни жўнатишди, Қирғизистон ва Тожикистон назорат органлари оғир моддалари бўйича жиноий иш қўзғашди.

XS
SM
MD
LG