Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни, шу жумладан Евросиё маконидаги интеграцион бирлашмалар доирасини муҳокама қилдилар. Минтақавий долзарб муаммолар, жумладан, тожик-қирғиз чегарасида барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди, деб хабар қилди Россия Федерацияси Президенти матбуот хизмати.
Россия президенти веб-сайтида эълон қилинган нутқида Путин ушбу масалани Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ҳам муҳокама қилгани хабар қилинган.
«Биз тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни диққат билан ва катта хавотир билан кузатдик. Яқинда Тожикистон Президенти мамлакатимизга ташриф буюрди. Биз у билан бу масалани муҳокама қилдик, албатта. Икки томоннинг ушбу турдаги барча тортишувли масалаларни музокаралар жараёнида ҳал қилиш ниятида эканлигини ижобий қабул қилдик. Бизга боғлиқ бўлган барча саъй-ҳаракатларни ушбу муаммоларни ҳал қилишда сизга ёрдам бериш учун қиламиз. Ҳар қандай масалани узоқ муддатли ва ҳар икки томоннинг манфаатларига жавоб берадиган қилиб ҳал қилишнинг бундай усулини топиш керак. Биз ҳам бунга интиламиз, ҳар томонлама ёрдам берамиз», — деди Путин.
Тожикистон — Қирғизистон чегарасида тўқнашувлар 28-29 апрель кунлари бўлиб ўтди. 6 май куни Тожикистон ҳукумати чегаралардаги тўқнашувларда 19 киши ҳалок бўлган ва 87 киши жароҳат олганини тасдиқлади. Қирғизистон томонининг маълумотларига кўра 189 нафар Қирғизистон фуқароси жароҳат олган ва 36 киши, шу жумладан икки бола ҳалок бўлган.
Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари бир-бирларини уруш очиш ва улкан зарар етказишда айбламоқда. Икки мамлакат Бош прокуратуралари чегарадаги воқеалар юзасидан жиноий иш қўзғашди.