Ссылки доступа

Ўзбекистонлик ютуберлар мўмай даромаддан маҳрум бўлди


YouTube ширкати ўзбек тилидаги канал муаллифларини моддий рағбатлантиришни тўхтатди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда блогерлик, шу жумладан, видеоблогерлик (влогер) ривожланиб боряпти. Бу орқали даромад қилаётганлар ҳам оз эмас. Уларнинг баъзилари биргина YouTube орқали ойига бир неча минг долларгача фойда кўради.

Аммо жорий йил апрель ойидан YouTube видеохостингида ўз саҳифасига эга блогерлар даромади кескин камайиб кетди. Чунки YouTube маъмурияти ўзбек аудиториясига мўлжалланган канал муаллифларини моддий рағбатлантиришни тўхтатди.

YouTube бу чеклов бўйича расмий баёнот берган эмас. Qalampir.uz нашрига кўра, блогерларга моддий рағбатнинг тўхтатилишига YouTube’нинг Ўзбекистонда расман фаолият юритмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

“YouTube чекловининг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқадорлигини аниқлаш учун Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов билан боғландик. У вазият юзасидан маълумотга эга эмаслигини, шу сабабдан бу бўйича аниқ изоҳ беролмаслигини маълум қилди”, деб ёзган интернет нашр.

Қайд этилишича, YouTube расман фаолият юритувчи давлатларда унда саҳифасини юритувчи блогерлар қўшимча имкониятларга эга бўлади. Жумладан, YouTube Premium, ҳомийлик модуллари ва YouTube.Music платформасидан фойдаланиш мумкин. Аммо Ўзбекистонда видеохостингнинг ушбу қўшимча хизматлари аввал ҳам, ҳозир ҳам ишламаган. Эндиликда эса рекламадан даромад олиш имкони ҳам йўқолди.

Эслатиб ўтамиз, YouTube 2016 йилда Ўзбекистонни 6 ой муддатга блоклаганди. Аммо у вақтларда Ўзбекистонда YouTube блогерлик ҳозиргидек оммалашмаган эди.

XS
SM
MD
LG