Ссылки доступа

Ўзбекистонда ёйинини хорижий тилларда юритадиган теле ва радиоканаллар пайдо бўлади


Ўзбекистонда 24 соат давомида хорижий тилларда эфирга узатиладиган теле ва радиоканаллар ишга туширилади. Бунда ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Бу ҳақда шу йил 19 май куни қабул қилинган “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида қайд этилган.

Ҳужжат билан негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиладиган умумий 207 та ўрта таълим муассасалари ҳамда уларга бириктирилаётган олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланган.

Қарорга мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан танланган умумтаълим мактаблари 4-синф битирувчилари, 2024/2025 ўқув йилидан эса 9-синф битирувчиларининг хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича махсус синов ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Айни пайтда хорижий тиллар бўйича ўтказиладиган республика олимпиадаларида иштирокчиларнинг тўртта кўникмасини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолаш тартиби жорий этилади.

Қарор билан ҳар бир туман (шаҳар)да очиқ танлов ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида 2 нафар инглиз тили ўқитувчилари ва бир нафар бошқа хорижий тил ўқитувчиси хорижий давлатларга қисқа муддатли малака оширишга юборилиши белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда 2021 йил якунигача олий таълим муассасаларда давлат-хусусий шериклик асосида ўқитувчи ва талабаларга хорижий тилларни ўқитиш марказлари (курслари) ташкил этилиши кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG