Ссылки доступа

Мирзиёев илк бор мактаб битирувчиларига табрик йўллади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўқув йили охирида илк бор ўрта мактаб битирувчиларига табрик йўллади. Табрик матни president.uz сайтида жойлаштирилган.

“Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман”, дея бошланган Мирзиёев табриги.

Бу йил Ўзбекистонда 438 минг чоғли битирувчи етукли аттестатини олиши кутилмоқда.

“Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз”, дея давом этган президент.

Мирзиёев ўқувчилар кейинги икки йил давомида пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини ҳам эгаллашига тўғри келганини эътироф этган.

“Албатта, бу мураккаб синовли кунлар ҳадемай ўтмишга айланади”, дея таскин берган битирувчиларга давлат раҳбари.

“Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз”, дея ўгитлаган президент.

Шундан сўнг у мамлакатда ўқувчилар ва муаллимлар учун яратилган шарт-шароитдан баҳс этган, битирувчиларга юзлаб олий ўқув юрти, касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар мунтазир эканини урғулаган.

Президент мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди.

“Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди”, дея ваъда қилган Ш. Мирзиёев битирувчиларни халқнинг юксак ишончига доимо муносиб бўлишга чақирган.

Табрик матнини президент “Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз болаларим!” деган хитоб билан тугатган.

XS
SM
MD
LG