Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти Вазирлар Маҳкамасини хитой компанияси билан «Хавфсиз шаҳар» тўғрисидаги шартномани бекор қилишга чақирмоқда


Жўқорғи Кенгес депутати Рйскелди Момбеков Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини Хитойнинг Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd компанияси билан Хавфсиз шаҳар лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш тўғрисидаги келишувдан чиқишга чақирди.

Парламентнинг транспорт, коммуникация, архитектура ва қурилиш қўмитасининг 25 май куни бўлиб ўтган йиғилишида у бунга тендер пайтида йўл қўйилган қоидабузарликлар сабаб бўлганини айтди. Унга кўра, ушбу компания томонидан тақдим этилган олтита банк кафолатининг учтаси сохталаштирилган бўлиб чиқди. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикаси Ҳисоб палатаси ушбу пудратчи лойиҳани амалга ошириш учун жуда кам миқдорни таклиф қилганини таъкидлади.

«Тендер 5 миллиард 700 миллион сомга эълон қилинди. Хитой компанияси эса 2 миллиард 700 миллион сом, яъни 3 миллиард 173 миллион сом камроқ таклиф қилди. Бу ҳам сизни ўйлашга ундайди. Жарималардан тушадиган даромад уларга керак эмас. Ва ушбу компаниянинг камералари нафақат транспорт воситаларини, балки у ерда бўлган одамларни ҳам танийди», — дея тушунтирди Рйскелди Момбеков.

2019 йилги шартномага кўра, Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd лойиҳани бир йил ичида якунлаши керак эди. Аммо пандемия туфайли жараён тўхтаб қолди ва 2020 йил охирида шартнома 2021 йил 18 июнгача узайтирилди.

Ва 20 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd компаниясидан 2 миллион 600 минг сом пул ундиришда гумон қилиниб, ҳозирги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг собиқ ўринбосари — Қирғизистоннинг рақамли ривожланиш вазири Азамат Дйиканбаевни ҳибсга олгани маълум бўлди.

Собиқ амалдорнинг ўзи бу айбловларни рад этади ва ўз ишини сиёсий буюртма деб атайди.

Эслатиб ўтамиз, «Хавфсиз шаҳар»нинг иккинчи босқичи доирасида 7 та вилоят, Бишкек ва Ўш шаҳарлари, 15 та вилоят ва туман аҳамиятидаги шаҳарлар, 73 та аҳоли пунктлари қамраб олинади. Лойиҳанинг биринчи босқичи Россиянинг Вега концерни томонидан амалга оширилди.

XS
SM
MD
LG