Ссылки доступа

Ўзбекистон Ҳиндистон ширкатларига ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқаришни таклиф қилмоқда


Ўзбекистон Ҳиндистондаги дори-дармон ширкатларини 7та фармакология эркин зонасида ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқаришга таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг FPJ нашри 24 май куни Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатовга таянган ҳолда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг йирик дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатлари, жумладан, Serum Institute, Bharat Biotech ширкатларини ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқаришга чақирмоқда.

“Асосий эътибор Ҳиндистон ширкатлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда, жумладан, 7та фармакология эркин иқтисодий зонасида амалга оширишга қаратилмоқда”,-деб айтган элчи Мумбайдаги MVIRDC Халқаро савдо марказида ўтган учрашувда.

Шунингдек, элчи ҳинд ширкатларини кимё, текстил, тери, ахборот ва коммуникациялар соҳасига сармоя ётқизишга чақирди.

Хабарда таъкидланишича, ўтган йили Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 3 миллиард доллар бўлган 50та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. Ҳиндистон томони Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича 4та лойиҳага 448 миллион доллар ажратган.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд капитали мавжуд бўлган 280 ширкат умумий қиймати 650 миллион доллар бўлган лойиҳаларни амалга оширмоқда”,- дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG