Ссылки доступа

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Вазирлар Маҳкамаси олдида куч ишлатилгани тўғрисидаги иддао текширилмоқда


Меҳрибонлик уйининг собиқ битирувчилари видеосидан олинган скриншот.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 22 май куни Вазирлар маҳкамасига ёрдам сўраб борган Меҳрибонлик уйининг собиқ битирувчиларига нисбатан Юнусобод тумани ички ишлар ходимлари куч ишлатгани иддао қилинган видео тарқалиши ортидан хизмат текшируви ўтказмоқда.

“Мазкур видеода акс этган ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан назоратга олинган. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Ижтимоий тармоқларда 22 май куни ички ишлар органи ходимлари ИИО ФМБ биносига олиб келганлиги ва уларга нисбатан куч ишлатиб тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги видео тарқалган эди.

Мазкур видеода Самарқанд шаҳридаги 6-сон меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчилари 21 май куни Тошкентга Вазирлар маҳкамасига ёрдам сўраб келганлари ва “Вазирлар маҳкамаси олдидаги пиёдалар ўтиш ер ости йўлагида тунашга” мажбур бўлганлари ҳақида гапиришади.

Видео давомида улар 22 май куни эрталаб Вазирлар Маҳкамаси қабулига боришгани ва аризани топшириш жараёнини видеога олишаётганида “Вазирлар Маҳкамаси масъули Шерзод Салимов” уларни ҳақорат қилганини, орада даҳанаки жанг юзага келганини, шундан сўнг ички ишлар ходимлари уларни қўлларини қайириб олиб кетишганини иддао қилишган.

Самарқанд шаҳридаги 6-сон меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчилари Юнусобод тумани ички ишлар бўлимида ходимлар уларга ноинсоний муносабатда бўлганини ҳам иддао қилганлар.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, давлат томонидан Самарқанд вилоятидаги 6-, 10- ва Тошкент шаҳридаги 22-сонли болалар уйлари тарбияланувчилари бепул уй-жой билан таъминланган, аммо масъул идоралар уларни уй-жой кредит асосида берилганлиги тўғрисида огоҳлантирмаган. Улар бу уйларда чиқариб юборилганидан сўнг муаммони ҳал қилиш учун Тошкентга келишди.

XS
SM
MD
LG