Ссылки доступа

Қашқадарёда Effect.uz мухбирлари устидан суд жараёни бошланди


Қашқадарё вилоят судида 27 май куни Effect.uz сайти мухбирлари Ҳ. Аҳмедов, Акбар Нуримбетов, ва Элёр Тожибоевларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот химзати маълум қилди.

Расман билдирилишича, Ҳ. Аҳмедов Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);

А. Нуримбетов Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат қилиш), 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);

Э. Тожибоев Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат қилиш), 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Дастлабки суд мажлиси тафсилотлари расмий маълумотда очиқланмаган. Фақат суднинг кейинги мажлиси 31 май куни ўтказилиши белгиланди.

Озодлик радиоси 2021 йилнинг 7 апрелида Effect.uz журналистларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақидаги мақолани эълон қилган эди.

Мақолада Бош прокуратура нашр журналистларини Термиз туман суди биносига бостириб кирганликда ва судьяга босим ўтказганликда айблаётгани ва улар қидирувга берилгани айтилади. Аммо Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Акбар Нуримбетов, ва Элёр Тожибоев Бош прокуратуранинг бу иддаоларини инкор қилган.

Effect.uz сайти журналистларининг Озодликка айтишича, улар Термиз туман суди биносига бостириб кирмаган, балки Миллий гвардия ходими рухсати ва унинг ҳамроҳлигида кирган ва бу ҳолат сайт ўз вақтида эълон қилган видеода акс этган.

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмал Эшонхоновнинг 7 апрелда Озодликка айтишича, журналистлари 25 март куни қидирувга берилганидан у 6 апрелда хабардор бўлган. Унгача бу ҳақда на унда, на журналистларнинг ўзида бу ҳақда маълумот бўлган.

XS
SM
MD
LG