Ссылки доступа

“Ўзкомназорат”: Ижтимоий тармоқлар ўзбекистонликларга оид маълумотларга ишлов бериш тартибини бузмоқда


Вконтакте, Twitter ҳамда WeChat ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1- моддаси талабларига риоя этмаётган ҳолда ишлов бериб келинган.

Бу ҳолат ваколатли давлат органлари томонидан шу йил май ойида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланди. Бу ҳақда “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, инспекция қонуннинг мазкур моддаси талабларига риоя этилишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан Mail.ru Group (Вконтакте), Twitter Inc (Twitter) ва Tencent-Inc (WeChat) ширкатларига кўрсатма берган.

“Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 27−1-моддасига асосан 16 апрелдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет ширкатлари ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда қайта ишлаши шарт экани белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкомназорат” мазкур ширкатлардан ўз серверларини Ўзбекистонга жойлаштиришни талаб қилаётганини англаш мумкин.

Мазкур тартибга амалга қилиниши олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилган.

Йиғилишда “ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикасида қонуний фаолият юритишни исташса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин”лиги урғуланган.

Бу тартиб Озодлик билан суҳбатлашган айрим мутахассисларда эътироз уйғотган, хусусан, улардан бири “Ўзбекистонда бундай қарорларни қабул қилаётган раҳбариятда Интернет хавфсизлиги тўғрисида мутлақо тасаввур йўқ”лигидан баҳс этганди.

Аввалроқ "Ўзкомназорат" инспекцияси ўзбекистонлик фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш кўпайганини билдиргани ҳақида хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG