Ссылки доступа

Ўзбекистон мусулмонлари идораси йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш борасида фатво чиқарди


Georgia -- Abkhazia car accident

“Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган кишига транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас. Чунки у мазкур қоидаларни бузиш орқали бировларнинг ҳақларини поймол қилади, ўзининг ҳам, бошқанинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди ҳамда омма халқ манфаатларини кўзлаб жорий қилинган низомга қарши чиққан бўлади. Бу эса – Ислом шариатига мутлақо зиддир”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати мана шундай баёнот билан чиқди.

Фатвода таъкидланишича, ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг ҳаётни сақлаш, авлодни сақлаш ва мулкни сақлаш каби мақсадларига етишга хизмат қилади.

“Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади”,-дейилади фатвода.

Билдирилишича, Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво идоралари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб экани ҳақида хулоса берганлар.

Ўзбекистон йўлларидаги автоҳалокатлар мамлакатнинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.

Расман билдирилишича, 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида автоаварияларда 557 киши ҳалок бўлган, 1684 киши жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG