Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги вазият: қўшимча кучларни олиб чиқиш тугалланди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 6 июнь соат 15:30 га қадар Ўш вилояти Чон-Олай тумани Унжу-Булоқ ҳудудидаги вазият ҳақида хабар берди.

«Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ўртасида Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар натижасида томонларнинг доимий жойлашиш жойларига қўшимча кучлари ва воситаларини олиб чиқиб кетиш ишлари якунланди» дея хабар қилди вазирлик. Чегара хизмати маълумотларига кўра, давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида жойлашган қисмлар кучайтирилган режимда хизмат қилишда давом этмоқда.

Айни пайтда, Чон-Олай минтақаси қишлоқларининг эвакуация қилинган аҳолиси ўз уйларига қайтишди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Темирболот Абйкеэв хабар берди. «Бешта қишлоқнинг эвакуация қилинган аҳолиси ўз уйларига қайтишди ва Дароот-Қўрғон қишлоғи аҳолиси уларга ўз машиналарида қайтишга ёрдам беришди. Ҳудудда вазият барқарор. Мен бугун Қора-Микдаман. Кўряпманки, одамлар аввалги ҳаётларига қайтишни бошладилар, уй ишлари билан шуғулланмоқдалар», деди у.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни Чон-Олай туманининг Қора-Тейит, Қора-Мик, Жекенди, Чулук ва Шибе қишлоқлари аҳолиси хавфсизлик мақсадида Дароот-Қўрғон қишлоғига эвакуация қилинишни бошлади. Бунгача Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати 4 июнга ўтар кечаси тожик томони илгари эришилган келишувларни бузган ҳолда Чоннинг Унжу-Булоқ ҳудудига контейнер ўрнатганини айтган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари бунга жавобан улар келишилган ҳудудга чегара қўриқчисини жойлаштирди.

Ушбу ҳолат билан боғлиқ равишда Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари норозилик ноталарини алмашдилар. Икки мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари музокаралар олиб боришди ва 5 июнь куни қўшма баёнот матни эълон қилинди, унга кўра томонлар чегара постларини ҳар томондан 3 километр ичкарига олиб чиқишга келишиб олдилар.

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 970 километрдан ортиқ, шундан атиги 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Можаролар кўпинча чегаранинг баҳсли участкаларида юзага келади.

XS
SM
MD
LG