Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти Туркияга расмий ташриф билан боради


9-11 июнь кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Туркияда бўлади.

Давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида хабар қилинганидек, сафар давомида у Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан икки томонлама музокаралар олиб боради. Икки мамлакат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни, шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Садир Жапаров Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги бизнес-форумда қатнашади, шунингдек Қирғизистон Республикаси фуқаролари, талабалар ва Туркия пойтахти Анқара шаҳрида ишлайдиган диаспоралар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар вакиллари билан учрашади.

Қирғизистон Президентининг Туркияга ташрифи Бишкекда “Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти Орхан Инанда йўқолган пайтга тўғри келди. У 1 июнга ўтар кечаси ғойиб бўлди. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 170-моддаси («Одам ўғирлаш») билан иш қўзғатди ва интенсив қидирув ўтказаётганлигини эълон қилди.

Айни пайтда фуқаролар Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси, Оқ уй ва Ҳукумат уйи олдида митинглар ўтказиб, Орхан Инандани топишни талаб қилдилар. Намойишчилар унинг ўғирланиши ортида Туркия махсус хизматлари турган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда. Бир кун олдин, 6 июнь куни ғойиб бўлганнинг рафиқаси Рейхан Инанда унга ижтимоий тармоқлар орқали «эри Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биносида мажбуран ҳибсга олинаётгани» ҳақида хабар келганини айтди.

Кейинчалик, парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси йиғилишида 2019 йилда Қирғизистон Орхан Инандани Туркияга топширишдан бош тортгани маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG