Ссылки доступа

Тожикистон Меҳнат вазирлиги Россиядаги тожик муҳожирларидан ҳужжатларини 15 июнгача расмийлаштиришларини сўради


Тожикистон Меҳнат, Миграция ва Аҳолини Иш билан таъминлаш вазирлиги Россияда иш ва яшаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган тожик муҳожирларидан 15 июнга қадар ҳужжатларини расмийлаштиришни сўради.

Акс ҳолда, Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, қолган бир ҳафта ичида ҳужжатларини расмийлаштирмаган муҳожирлар Россиядан чиқариб юборилади.

Меҳнат ва миграция вазирлиги томонидан эълон қилинган видеода мигрантлар ҳужжатларини қонунийлаштириш учун Россия миграция хизматига мурожаат қилишлари кераклиги айтилган. «Давлат рўйхатидан ўтиб, барча керакли ва қонуний ҳужжатларни тайёрлаш керак», дейилади видеода.

Ушбу вазирлик расмийлари муҳожирларга, агар бу ҳақда бирон бир савол бўлса, Тожикистон Меҳнат вазирлигининг офисларига ва ушбу вазирликнинг Россия минтақаларидаги ваколатхоналарига қўнғироқ қилишни маслаҳат беришди.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги Россияда 15 июнга қадар ҳуқуқий мақомини қонунийлаштирмаган барча муҳожирлар депортация қилинишини айтган эди. Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Тожикистоннинг 247 минг фуқароси Россияда ноқонуний юрибди. Тожикистон расмийлари «бу жуда катта кўрсаткич», деб айтмоқда.

Мигрантлар ва уларнинг пул ўтказмалари Тожикистон иқтисодиёти учун жуда муҳим ҳисобланади. 2019 йилда Россиядан келган меҳнат муҳожирлари Тожикистонга 2,5 миллиард доллар жўнатдилар, бу Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб 30 фоизини ташкил этади.

Тожикистон Миллий банки бир неча йилдан бери пул ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ошкор қилмайди. Ушбу бўлимнинг сўнгги матбуот анжуманида 2020 йилда пандемия сабабли пул ўтказмалари ҳажми 6 фоиздан кўпроққа камайгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG