Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти “Сапат” лицей тармоғи раҳбари Инандани йўқолиб қолиш масаласини Эрдўғон билан суҳбатда кўтарди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўғондан Қирғизистонда йўқолган Орхан Инанда ҳақида сўради.

Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси раҳбари матбуот котиби Эрбол Султонбоев бир қатор оммавий ахборот воситаларига икки мамлакат президентлари “Сапат” таълим муассасалари тармоғининг раҳбарининг йўқолишини муҳокама қилганми ёки йўқми деган саволга жавоб бериб айтди.

«Эрдўғон уни танимаслигини ва у ҳақда маълумотга эга эмаслигини, шунингдек, ФEТО тарафдорлари ҳақида ҳеч нарса эшитишни истамаслигини айтди», деди Султонбоев.

9 июнь куни Садир Жапаров билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Туркия раҳбари Ражаб Тййиб Эрдўғон учрашув давомида «террористик ташкилотларга қарши кураш, шу жумладан ФEТОга қарши курашиш масалалари, шунингдек, минтақадаги ҳамкорликнинг аспектлари муҳокама қилинганини» айтди.

«Биз азиз биродарим билан ФEТО ҳар икки мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солаётгани билан бирдаммиз. Сўнгги сиёсий муаммолар ФEТОнинг қоронғу, қонли ва ёқимсиз «юзини» фош қилди. Худо хоҳласа, биз бунда биргаликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Мен ҳурматли президентни яна бир бор Туркиянинг қирғиз халқи ва мамлакат ҳокимиятини қўллаб-қувватлашига ишонтирдим. Биз сиёсий барқарорлик учун ҳар қадамда Қирғизистоннинг ёнидамиз», деди Туркия раҳбари.

53 ёшли Орхан Инанда, “Сапат” таълим муассасалари асосчиси ва бошқарув кенгаши раиси, 1995 йилдан бери Қирғизистонда яшайди. 2012 йилда у Қирғизистон фуқаролигини олди.

У 1 июнга ўтар кечаси бедарак йўқолган. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 170-моддаси («Ўғирлаш») билан иш қўзғатди ва кучайтирилган қидирув ишлари олиб борилаётганлигини эълон қилди. 8 июнь куни Орхан Инанда Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди.

У ғойиб бўлган кундан бошлаб фуқаролар Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси, Оқ уй ва Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида митинглар ўтказиб, Орхон Инандани топишни талаб қилишди. Уларнинг фикрича, унинг ўғирланиши ортида Туркия махсус хизматлари туриши мумкин.

Ва унинг рафиқаси Рейхан Инанданинг айтишича, у эрини Қирғизистон Республикасидаги Туркия элчихонаси биносида зўрлик билан ҳибсга олинганлиги тўғрисида маълумот олган. Бироқ, дипломатик ваколатхона буни рад этди.

Расмий Анқара 2016 йилда Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ортида Туркия оппозицияси раҳбари Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг «Хизмат» ҳаракати турганини таъкидламоқда. Туркия ҳукумати ушбу ташкилотни ФEТО деб атайди ва уни террористик деб билади. Муваффақиятсиз тўнтариш ташаббуси билан ҳаракатнинг минглаб аъзолари ҳибсга олинган, аммо Гуленнинг ўзи ва унинг тарафдорлари тўнтариш айбловларини рад этишмоқда.

Туркия ҳукумати, шунингдек, Қирғизистондаги Сапат (собиқ Себат) тармоғининг таълим муассасалари Гулен ҳаракатининг издошлари томонидан ташкил этилганлигини бир неча бор таъкидлаган ва шу сабабли ушбу тармоқни ёпилишини талаб қилган. Аммо расмий Бишкек ушбу талабни рад этиб, ушбу лицейлар ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG