Ссылки доступа

МБ асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилди


Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 10 июнь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қарор базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, Ўзбекистонда иқтисодий ва инвестицион фаолликнинг юқори суръатда тикланаётгани шароитида йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

МБ қайдича, жорий йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашган. Бунда озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлган.

Регулятор 2021 йилнинг январь-май ойларида экспортдан тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йил шу давридаги кўрсаткичдан (2,5 миллиард доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 миллиард доллар) 39 фоизга юқори бўлганига эътибор қаратган.

Айни пайтда Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган 5 ой ичида 2,6 миллиард долларни ташкил этгани, бу 2020 йилнинг шу даврига (1,8 миллиард доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг шу даврига (2 миллиард доллар) нисбатан эса 30 фоизга кўплиги билдирилган. Бу эса, МБнинг урғулашича, аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қиляпти.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти ва 22 апрелида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 22 июлига белгиланган.

XS
SM
MD
LG