Ссылки доступа

Бош прокуратура икки йилда ҳокимлар томонидан 120 минг гектар ер ноқонуний бериб юборилганини аниқлади


Ўзбекистонда ўтган икки йил ичида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов 10 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Мулозимга кўра, икки йилда прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилиш бўйича протест киритилган.

“Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларнинг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган Ш. Раҳимов.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан ер муносабатлари - ерни тақсимлаш, сотиш ва ижарага бериш тартибини ўзгартиришга оид фармонни имзоланганди.

Ўзбекистонда ер муносабатлари йиллардан буён муаммоли қолаётганини урғулаган айрим экспертлар Озодлик билан суҳбатда президентнинг бу фармонини амалдаги вазиятни янада чигаллаштириши, ерни сотиб пул қилаётган амалдорлар ишини эса аксинча соддалаштириши мумкин бўлган “зиддиятли” фармон, деб баҳолаган.

XS
SM
MD
LG