Ссылки доступа

Сирдарё ҳокимлиги ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган мулозимлар видеоси юзасидан изоҳ берди


Сирдарё вилоят ҳокимлиги Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа юзасидан ўз расмий муносабатини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қайдича, мазкур ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берган.

Мулозимларнинг туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси), туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

“Мазкур шахслар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган “Шоу балет” раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган”, дея билдирган Сирдарё вилоят ҳокимлиги.Видео давра иштирокчиларидан бири томонидан олингани ва у ерда ўтирган мулозимлар юзида қимтиниш ифодаси кўринмаганидан ҳокимлик изоҳи у қадар ишончли кўринмайди.

Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилгани, ҳамда лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланганини қайд этган. Бироқ хабарномада қайси мулозимга қандай жазо қўлланилгани очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG