Ссылки доступа

Ўзбекистондан Грецияга чартер рейслари йўлга қўйилади


Ўзбекистонлик расмийлар июнь ойи бошида грециялик масъуллар билан туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2-4 июн кунлари хизмат сафари билан Грециянинг Афина шаҳрида бўл Туризм ва спорт вазирлиги масъуллари Греция туризм вазири Харис Теохарис ва вазир ўринбосари Софиа Зачараки билан учрашув ўтказганлар. Учрашувда туризм соҳасида ҳамкорлик ва чартер рейсларни йўлга қўйишдан ташқари таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Греция Маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Авгенакис билан икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009-йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилганлар.

Афинага ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Греция Савдо-саноат палатаси, Греция сайёҳлик ва туристик агентликлар ассоциацияси, Греция-Евроосиё Иттифоқи, Греция меҳмонхоналари кенгаши, “Aegean Airlines” авиакомпанияси, “KAD 12 Sports Tips” каби ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.

XS
SM
MD
LG