Ссылки доступа

Президент Ўзбекистон фуқаролигини олишни енгиллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади


Эндиликда Ўзбекистонда туғилган, аммо фуқаролиги бўлмаганларга фуқаролик олиш учун мамлакатда узлуксиз 5 йил яшаш талаб этилмайди. Адлия вазирлигининг билдиришича, президент 14 июнь куни мазкур меъёр қайд этилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга асосан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Шунингдек, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонунга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилиниши белгиланди.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

XS
SM
MD
LG