Ссылки доступа

Ғарбий Қозоғистонда аскар постда ўзини отиб қўйди


Уралск шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган шахс ўзини жароҳатлаганидан сўнг вафот этган — у ўзининг бошига ўқ узган.

Миллий Гвардия 5517-сонли ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва ижтимоий-ҳуқуқий ишлар бўйича ўринбосари Жанибек Сарсеновнинг таъкидлашича, воқеа 16 июнь куни эрта тонгда содир бўлган. Унга кўра, чақирилувчи ахлоқ тузатиш муассасасида қоровуллик пайтида бошига ўқ узган.

«У касалхонага тез ёрдам машинаси томонидан олиб борилган, аммо уни қутқаришнинг иложи бўлмади», деди Сарсенов.

Ғарбий Қозоғистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати ҳарбий хизматчи ўта оғир аҳволда вилоят кўп тармоқли касалхонасига етказилганлигини хабар қилди. У реанимация бўлимида ўта оғир жароҳатлари туфайли вафот этди, дейилади бўлимда.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳарбий хизматчи Оқтўбе шаҳридан чақирилган.

«Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув доирасида бошқа маълумотлар ошкор этилмайди», — деди Жанибек Сарсенов.

Қозоғистонда ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар кўпинча армияда ноўрин муносабат билан боғлиқ. Май ойида Отар шаҳридаги (Жамбил вилояти) 82796-сонли ҳарбий қисмнинг чақирилувчи аскари вафот этди. Мудофаа вазирлиги унинг казарма биносининг тўртинчи қават деразасидан ўзини ташлагани ҳақида хабар берди.

Ўтган йилнинг март ойида Олмаота вилоятида 19 ёшли оддий аскар вафот этди. У Олмаота вилоятининг Капшагай шаҳридаги 65476 бўлими ҳудудидаги минорадан сакради. Ўша фожиали воқеадан кейин жамиятда армиядаги безорилик муаммоси яна кўтарилди.

XS
SM
MD
LG