Ссылки доступа

Тинчликсеварлик рейтингида Ўзбекистон 90-ўринни эгаллади


Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ўтказилган Global Peace Index (Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи) да Ўзбекистон бу йил дунёдаги 163 мамлакат орасида 90-ўринни эгаллади.

Қароргоҳи Сиднейда жойлашган институтнинг 15 йилдан бери ўтказиб келинаётган тадқиқотида мамлакат ўтган йили 103-ўринга қўйилганди.

Рейтингда Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон 67-ўринга, Қирғизистон 76-ўринга, Тожикистон 97-ўринга, Туркманистон эса 109-ўринга қўйилган.

Тадқиқот натижасига кўра, Исландия дунёдаги энг тинчликсевар ўлка ўлароқ тан олинган. Рейтингнинг юқори поғоналаридан яна Янги Зеландия, Дания, Португалия, Словения, Австрия, Швейцария, Ирландия, Чехия ва Канада каби давлатлар ўрин олган. Сурия, Яман ва Афғонистон каби мамлакатлар эса рўйхат охиридан жой олган. Шимолий Корея, Венесуэла, Судан, Россия, Марказий Африка республикаси, Ливия, Конго, Ироқ ва Сомали кабилар эса агрессия даражаси юқори бўлган мамлакатлар қаторида саналган.

Global Peace Index мамлакатдаги зўравонлик ва жиноятчилик даражаси, қуролланиш ва мудофаа харажатлари, қўшни давлатлар билан муносабатлар, мамлакатда қуролли зиддият мавжуд ёки эмаслиги, қочқинлар фоизи ва расмийларнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиши дохил 23 кўрсаткич бўйича тузилган.

XS
SM
MD
LG