Ссылки доступа

Олийгоҳлар талабалари янги тузилаётган партияларга қўшилмасликка тарғиб қилинмоқда


Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган.
Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари олийгоҳларда ёшларни янги тузилаётган сиёсий партияларга қўшилмасликка даъват этувчи учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Сурхондарёдаги Термиз давлат университетининг ўз хавфсизлигини ўйлаб, исми ошкор этилмаслигини сўраган талабаси бу хақда сўзлаб берди:

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси раҳбари Хидирназар ака, биласиз, бизнинг университет ректори бўлган. Домлаларнинг орасида ҳам, талабаларнинг орасида ҳам обрўси катта у одамни. Шунинг учун ҳозир университетимизга келиб, “унинг ўзи ҳам, партияси ҳам ёт унсур бизга, қўшилманглар” деб тарғибот йиғинлари ўтказишяпти. Ҳозир Ёшлар фестивали бўляпти, бугун тугади. Шу фестивалда ҳам бу ҳақда айтилди. Танишларимнинг айтишича, ИИБ улар билан алоҳида учрашиб, тармоқларда шу партияга қарши негатив маълумот тарқатиш бўйича инструкция бериб кетишган. Уларга шу партиянинг тарафдорлари ҳақида маълумот бериб туриш ҳақида ҳам топшириқлар бериб кетишган”.

Термиз давлат университетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича масъулларидан бири Ёшлар фестивали доирасида талабалар билан учрашувлар ўтказилаётганини тасдиқлади.

Аммо унинг айтишича, учрашувда сиёсий партияларга қўшилманглар, деган чақириқ бўлмаган:

“Ҳозир Ёшлар фестивали бўляпти бизда. Асосий гап ҳар-хил оқимларга қўшилмаслик ҳақида бўлди, партияларга эмас, нотўғри йўлга кириб кетманглар деган гап бўлди холос”.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси раҳбари Хидирназар Аллақулов жойларда "ИИБ талабаларга ишлов бераётгани" ҳақда маълумотга эгалигини айтди.

"Ички ишлар ҳозир олий ўқув юртларида талабаларга ишлов беряпти, биламиз бу ҳақда. Мамлакат тарихида, саксонинчи йиллар ўрталари, тўқсонинчи йиллар бошида талабалар катта куч бўлган эди. Ҳозир булар талабаларни ўқишдан хайдаймиз, деган пўписалар билан бизга қарши қилиб, Мирзиёевнинг яна бир муддат қолишини таъминламоқчи. Халқнинг ғазаби кучайиб боряпти, ҳокимиятни ушлаб қолишга кўзи етмаяпти, шунинг учун булар ҳозир сал ҳаракат қилган талабани ҳайдайман деб қўрқитиб, бизга қарши қайраяпти", - деди Аллақулов.

Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳам ИИБ ходимлари янги тузилган сиёсий партияларга қўшилмасликни тарғиб этувчи учрашувлар ўтказилаётгани айтилди.

Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси "Эрк"октябрь ойидаги сайловларда президентликка собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов номзодини илгари суришини эълон қилган эди.

26 май куни бир неча фаол иштирокида ўтган фавқулодда қурултой Ўзбекистонда келаётган президент сайловларида “Эрк” партиясидан Жаҳонгир Отажонов номзодини тасдиқлаганди.

Собиқ хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг Тошкентдаги уйида ўтказилган қурултойи қатнашчилари 15 июнь куни ёппасига сўроққа чақиртирилган.

Отажоновнинг ўзи ҳам Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига чақиртирилиб, тўрт соат сўроқ қилингани ҳақда Инстаграм каналида айтганди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилади.

Отажонов ва бошқа фаолларнинг Ўзбекистон ичкарисида мухолиф партия тузишга уринишлари қаршиликка учраганди.

Ўзбекистонда президент сайлови шу йилнинг октябрь ойида бўлиши кутиляпти.

XS
SM
MD
LG