Ссылки доступа

Андижонча шоу: “Президентга муаммоларни айтманг, фақат миннатдорчилик билдиринг!”


Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига қилган сафари давомида Избоскан туманидаги “And Gold” тикув-трикотаж комбинатини бориб кўрди.

Давлат раҳбарининг бу корхонага ташрифига тайёргарлик жараёнидан хабардор андижонликнинг Озодликка билдиришича, бу ерга ён-атрофдаги маҳаллалардан хотин-қизлар олиб келинган ва уларга президент ташрифи давомида “тикувчи қизлар” ролини ўйнаб бериш топширилган.

Озодлик ташриф давомида Президент билан шахсан мулоқот қилган аёл билан гаплашди.

17−18 июнь кунлари Андижон вилоятига борган Шавкат Мирзиёев ўз сафарини Избоскан туманининг чекка қишлоғида жойлашган Қўғай маҳалласидан бошлади.

Қўғай маҳалласида, айтилишича, бундан бир неча кун олдин энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган “And Gold” тикув-трикотаж фабрикаси ишга туширилган.

Давлат раҳбари матбуот хизмати президентнинг Избоскандаги янги трикотаж фабрикасига ташрифи тўғрисида тайёрлаган видеолавҳада Шавкат Мирзиёев улкан “And Gold” корхонасида кетаётганини, тикув цехида бир хилдаги ишчи кийимда ишлаётган юзлаб хотин-қизларни кўриш мумкин.

Президент уни пешвоз олгани чиққан аёллардан бири билан қўл бериб сўрашади ва “Кайфиятлар қандай? Юракдан менга айтинг!” деб сўрайди.

- Юракдан айтсам, мен Ўзбекистонда яшаётганимдан жудаям хурсандман! – дейди бурро овозда тикувчи опа.

Кейинги қизларимиз президентга яқин-атрофда яшаши, шароитлари яхшилигини қўлини кўксидан узмасдан айтади.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти ишчи хотин-қизларга ойликлари бир неча баробар оширишни ваъда берди.

Андижон вилоятида саноат тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Расмий маълумотларга кўра, “And Gold” тикув-трикотаж комбинатининг янги биноси умумий қиймати 2,5 миллион доллар сармоя ҳисобига қурилиб, энг замонавий ускуналар ўрнатилган.

Айни дамда корхонага 830 нафар хотин-қиз ишга жалб қилингани ҳамда Россия ва Хитой билан калава ип етказиб бериш бўйча шартнома имзолагани билдирилди.

Бироқ, андижонликлардан бири президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга қилган ташрифига Избоскан туманида катта “кўзбўямачилик” уюштирилганини иддао қилди.

У “And Gold”да президентни қарши олган “тикувчи қизлар” аслида тикувчи қизлар эмаслигини айтди:

- Давлат раҳбаримизнинг Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги ташрифига тайёргарлик роса чиройли кўринишда бўлиб ўтди. Лекин туман ҳокими С.Исмоилов муҳтарам Президентимизга ёлғон маълумот бериш мақсадида тумандаги МФЙда ишловчи мутахассис ва котибаларга топшириқ қилиб, янги ишга тушган “And Gold” корхонасининг тикувчи аёллари бўлиб беришни айтиб, президентимизни алдаганига гувоҳ бўлдик. Наҳотки Избоскан туман ҳокими кўз бўямачилик учун Бештерак МФЙнинг аёлларини “ишловчи мутахассис” деб ёлғон маълумот беришдан қўрқмайди?! У ерда 5 ой ўқиётганлар президент олдида турганларнинг 5 фоизи, қолган 95 фоизи – маҳалланинг котибаси, маҳалладаги хотин-қизлар, ёш-қари раислари жалб қилинган. Ҳаммасига бир хил кийим берилди, деди исмини очиқламасликни сўраган андижонликлардан бири.

Суҳбатдош эътиборимизни видеодаги биринчи бўлиб президент Мирзиёев билан қўл бериб сўрашган аёлга қаратди:

- Иш ўрни яратилганини, ишлаётганини айтган, “Мен шу ерда ишлаётганимдан хурсандман!” деб гапирган ўша аёл аслида у ерда ишламайди: у маҳалла комитетида ишлайди. Бу ёлғон-ку! Президент билан учрашувдан олдин махсус тайёргарлик кўрилиб, нима дейиш унга ўргатилди. “Шундай гапирасиз, муаммолар айтилмайди, фақат хурсандчилик билан миннатдорчилик билдирасизлар!”, дейилди. Қолган қизлар ҳам “ шу ерда ишлайман, ойлик оляпман, жуда хурсандман”, деб айтиши кераклиги уқтирилди. У корхона энди ишга тушди, бир кун олдин очилган эди, ҳали иш бошлагани йўқ бу корхона. Бу корхона экспортга трикотаж, болалар трикотажи ва бошқаларни ишлаб чиқаради. Президент кетганидан кейин ҳаммаси бориб маҳалласида ўзини ишини қилиб ўтирибди, деди андижонлик.

Суҳбатдош бу қизларнинг аксари Избоскан туманида мавжуд 64 та маҳалла фуқаролар йиғинидан олиб келингани, “демак улардан камида 128 нафари МФЙ котибалари ва мутахассислари” эканини иддао қилди.

17 июн куни And Gold” корхонасида президент олдида кўриниш берган аёл Бештерак МФЙнинг Нозима исмли мутахассиси бўлгани тасдиғи топилди. Нозима опа маҳалласидан яна 13 қизни ҳокимлик буйруғи билан фабрикага олиб боргани ва ўша ерга ишга кирганини айтди.

Бештерак МФЙда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишлайдиган Нозима опанинг айтишича, барча борганлардан паспортлари олинган ва компьютерда уларнинг рўйхати тузилган. Бироқ, на Нозима ва на бошқа ишчи қизлар билан меҳнат шартномаси ёки бошқа турдаги расмий шартнома имзоланмагани маълум бўлди.

Нозима опа маҳаллада бу қизлардан ташқари яна 192 хотин-қиз “ишсиз” деб рўйхатга олинганини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи 17–18 июн кунлари бўлиб ўтди.

XS
SM
MD
LG