Ссылки доступа

COVID-19 тарқалишига қарши тадбир ўлароқ ўзбек-афғон чегараси вақтинча ёпилмоқда


Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олган ҳолда ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатилган.

Бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра қабул қилинган.

ССВ қайдича, мазкур қарорга мувофиқ Афғонистон фуқароларига ҳам туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Айни пайтда “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган ўзбекистонлик ва афғонистонликларга.

Қарор билан “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда, уларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш кўзда тутилган.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади, коронавирусга чалинганликда гумонланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

XS
SM
MD
LG