Ссылки доступа

Эллик ёшдан ошганлар ва ОТМ ўқитувчилари коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланади


Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин.

Бу ҳақдаги қарор, ССВ қайдича, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Махсус комиссиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида куни кеча ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда аввало касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь ҳолатига кўра мамлакат бўйлаб коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106 минг 847 нафарга етгани, ўтган кеча-кундузда 395 нафар киши коронавирусга чалинганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG