Ссылки доступа

Бишкек кўчалари бўйлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автобуслар қатнай бошлади


Бишкекка етиб келган ISUZU автобуслари

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 22 июндан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 50 та янги ISUZU автобуси йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади.

Яқин кунларда автобусларнинг янги партияси келиши кутилмоқда. Қирғизистонликлар тадбиркорлар Ўзбекистонга жами 350 дона автобус учун буюртма берилганини айтмоқдалар.

Мазкур автобусларнинг узунлиги 6,9 метр, ўриндиқлар сони 16 та бўлса-да, унда 38 нафар йўловчи ташиш мумкинлиги айтилмоқда. Дастлабки партия билан келган автобуслар шаҳардаги 5 та йўналиш бўйлаб хизмат кўрсатмоқда.

Автобуслар қирғизистонлик хусусий тадбиркорлар (“Эко Пассажирские перевозки” МЧЖ) томонидан сотиб олинмоқда – янги транспорт учун пойтахт бюджетидан пул ажратилган эмас. Бишкек мэрияси ходимлари Озодликнинг қирғиз хизматига автобуслар нархидан бехабар эканларини айтганлар, “Эко Пассажирские перевозки” ширкати вакиллари эса автобусни етказиб бераётган ширкат талабига кўра бу маълумотни тақдим этолмасликларини билдирганлар.

ISUZUнинг Ўзбекистондаги расмий дилери сайтида мазкур автобуслар нархи 358 миллион сўм (33 минг АҚШ долларидан кўпроқ) ўлароқ кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG