Ссылки доступа

Келгуси уч йилда Тожикистон ОТБдан 462 миллион доллар олади


Осиё тараққиёт банки яқин уч йил ичида Тожикистонга энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва давлат бошқаруви соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга 462 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда 22 июнь куни Тожикистон Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Файзиддин Қаҳҳорзода ва ОТБнинг Тожикистондаги доимий вакили Шанни Кемпбеллнинг Тожикистонда ОТБнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган мамлакат операцион бизнес-режаси муҳокамасидан сўнг хабар берди.

Шунингдек, ўтган ҳафта Осиё-Тинч океани вакциналарига кириш фонди лойиҳасига кўра Осиё тараққиёт банки Тожикистонга 25 миллион доллар миқдорида грант ажратиши маълум бўлди. Лойиҳа жорий йилда бошланган ва 2023 йилда якунланади.

Лойиҳа доирасида 3,4 миллион дозада COVID-19 вакцинасини, шунингдек, керакли сақлаш идишлари ва шприцларини сотиб олиш кўзда тутилган. Ушбу ҳажм 1 миллион 300 минг кишини эмлаш учун етарли. Тожикистон ҳукумати 18 ёшдан ошган аҳолининг 62 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 192 минг дозали Европа вакцинаси AstraZeneca-ни қабул қилиб олди. Куни кеча мамлакатга 300 минг доза Coronavac препарати Хитойдан етказиб берилди.

Бир неча йиллардан буён Осиё тараққиёт банки Тожикистонда автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, энергетика соҳасини ривожлантириш учун грантлар ажратиб келади. Ўтган йил охирида молия институти Тожикистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишни кучайтириш ва энергетика соҳасининг молиявий барқарорлигини ошириш учун 105 миллион долларлик грант дастурини маъқуллади. Шу билан бирга, ОТБ ушбу соҳада ислоҳотларни амалга оширишни, хусусан, электр энергияси истеъмол қилиш тарифларини босқичма-босқич оширишни талаб қилмоқда.

Осиё тараққиёт банки Тожикистоннинг энг йирик молиявий доноридир. 1998 йилдан бери ОТБ мамлакатга қарийб 2,2 миллиард доллар, шу жумладан 1,6 миллиард долларлик грантлар ажратди.

XS
SM
MD
LG