Ссылки доступа

Афғонистонлик юздан зиёд ҳарбий Тожикистонга қочиб ўтди


Афғонистоннинг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан тўқнашган ҳукумат кучларининг 100 дан зиёд ҳарбийси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Бу ҳақда 22 июнь куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

“22 июнь куни соат 09.00 гача давом этган қуролли тўқнашув натижасида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳужумга дош беролмаган 134 нафар ҳарбийси “Панж” чегара отрядининг 3 ва 4-заставаси орқали Тожикистон Республикаси ҳудудига чекинишга мажбур бўлишган”, дейилган МХДҚ Чегара қўшинлари матбуот маркази томонидан тарқатилган баёнотда.

Хабарномада тожикистонлик чегарачилар “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтган афғонистонлик ҳарбийларнинг Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз киришига рухсат берганлар”, дея қайд этилган.

Тожикистонлик чегарачилар икки мамлакат ўртасидаги чегарада вазиятни “таранг” дея баҳолаганлар ҳамда “Шерхон-Бандар” чегара маскани ҳудудида яраланган, ўлдирилган ва асир олинган афғонистонлик ҳарбийларнинг умумий сони юзга яқин эканини билдирган.

Хабарларга кўра, тожик-афғон чегарасидаги “Шерхон-Бандар” божхона ва савдо ўтиш жойи сешанба куни толиблар қўлига ўтган.

XS
SM
MD
LG