Ссылки доступа

Ҳонконгдаги мустақил газета 26 июндан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди


Ҳонконгдаги энг йирик мустақил демократик газета Apple Daily 26 июндан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Таҳлилчилар фикрича, бу Ҳонконгдаги сўз ва матбуот эркинлигига берилган энг катта зарба бўлади.

Аввалроқ Хитой ҳукумати Apple Daily бош муҳаррири ва газетанинг яна беш раҳбарини шаҳар миллий хавфсизлигига оид қонунни бузганликда айблаб ҳибсга олган эди. Бундан ташқари ҳоким қарори билан газетанинг 2,3 миллион долларлик активлари музлатиб қўйилди.

Газета асосчиси бўлган миллиардер Жимми Лай 2019 йилда Ҳонконгда Хитой ҳукуматининг босимига қарши ўтказилган норозилик митингларида иштирок этгани учун қамоққа олинган.

Жимми Лай миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун талабларини бузганликда ва хориж давлати билан битим тузганликда ҳам айбланмоқда.

Ҳонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ўтган йили қабул қилинган эди. Шаҳар аҳолиси бу қонунга қарши бир неча миллион киши иштирок этган намойишларни ўтказган. Халқаро ҳамжамият эса мазкур қонунни танқид қилган.

Ҳонконг мухториятни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди.

XS
SM
MD
LG