Ссылки доступа

Ботичелли асарини кўрсатгани учун жазоланган телеканалда “цензор” штати очилди


Мультфильмнинг томошабинлар эътирозига учраган кадрлари

Ўзбекистондаги болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган “Ақлвой” телеканали жорий хафтада “ўзбек менталитети ва маънавиятига зид келадиган саҳналарни топиб, устини бижиллатиш билан шуғулланадиган ходимни штат бирлиги сифатида штат жадвалига киритди”.

Бу ҳақда телеканал ходими билдирди. Ходимнинг айтишича, бундай штат бирлиги “Севимли”¸ “ЗўрТВ” каби бошқа каналларда олдиндан мавжуд.

“Ҳозир битта қўшимча ходимни ишга олдик. У видеолавҳалардаги ўпишиш каби маънавиятимизга зид саҳналарни кесиб ташлаш ëки устини блур (инглизча blurдан - таҳр.) қилиб бижиллатиш билан шуғулланади. Бу тажриба бошқа телеканаларда самара берган”.

Бундан олдин Интернетнинг ўзбек сегментидаги консерватив қатлам босими ортидан “Ақлвой” телеканалида “уят расм қўйган” ходим жазолангани ҳақида телеканал маъмурияти ҳабар берган эди.

Маълумотда айтилишича¸ “Ақлвой” телеканалида намойиш этилган “Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларидаги очиқ саҳналарни эфирга узатганлиги билан боғлиқ хато бўйича бутун канал ижодкорлари керакли танбеҳни олган”.

Воқеа Италия уйғониш даври санъатининг буюк намояндаси, рассом Сандро Ботичелли ( 1445 —1510) мўйқаламига мансуб “Венеранинг туғилиши” асарининг “Ақлвой” каналида намойиш қилингани билан боғлиқдир.

Ўзбекчага дубляж қилинган «Арт-Одиссея» мультфильмида Ренессанс даврига мансуб машҳур италян рассоми Сандро Боттичеллининг «Венеранинг туғилиши» картинаси тарихи ҳикоя қилинган. Мультфильм ижодкорлари картинага ўзига юмор билан ëндашиб "Венера туғилган пайтда чақалоқ бўлиши керак эди" дея ҳазил қилишади. Бундай услуб болалар учун яратиладиган фильмларнинг ëдда қолишини таъминлаш учун қўлланилади. Ўзбек томошабинларининг бир қисмида норозилик уйғотган «Арт-Одиссея» мультфильми бундан олдин дунëнинг ўнлаб мамлакатларининг болаларга оид каналларида намойиш қилинган. Бундан ташқари "Ақлвой" каналида намойиш қилинган яна бир мультфильмда Аловуддин билан маликанинг ўпишиш саҳнаси ҳам томошабинларнинг бир қисми эътирозига сабаб бўлган.

Аммо ҳамма ҳам бу мультфильмни танқид қилгани йўқ. Таниқли поп юлдузи Лола Йўлдошева мультфильм танқидчиларини классик санъатдан бехабарликда айблади.

Телеканал маълумотида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун талаблари асосида ходимлар жазоланган.

Таҳлилчилар сўнгги йилларда дин давлатдан ажратилган Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, айниқса¸маданий ҳаëтга диний нуқтаи назардан келиб чиқиб баҳо бериш тенденциясининг кучайиб бораëтганига эътибор қаратмоқда.

XS
SM
MD
LG