Ссылки доступа

Москва вилоятида COVID-19 га қарши эмланмаганларга транспортдан фойдаланишни тақиқланиши мумкин


Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазири Светлана Стригункова 1 июлдан вилоят ҳудудида ковидга қарши эмланмаганларга жамоат транспортидан фойдаланиш ман этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Мулозима мазкур чора-тадбирлар аввалроқ қабул қилинган чекловлар, хусусан, вакцина олмаган фуқароларнинг умумий овқатланиш муассасаларига киришини тақиқлаш тез кунларда “кутилган натижа”ни бермаган тақдирда жорий этилишини айтган. “Кутилган натижа” деганда Стригункова айнан нималарни назарда тутганини очиқламаган.

Сўнгги кунларда Москва вилоятида 2300 дан ортиқ коронавирус юқтириш ҳоллари расман қайд қилинган бўлиб, бу бутун пандемия даври учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Июнь ойи бошларида Россияда коронавирус инфекциясининг янги турини юқтириб олганлар сони кескин кўпая бошлаган. Бу ҳолат мамлакатда эмланганлар сони камлиги ва вируснинг янги – “ҳиндча” штамми тарқалиши манзарасида рўй бермоқда.

Ҳудудларда маъмурият яна карантин талабларини кучайтириб, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаси ходимлари ҳамда давлат хизматчиларини ковидга қарши эмланишга мажбурламоқда.

Россия қонунчилигига кўра, эмланиш ихтиёрий тиббий амалиёт ҳисобланади. Шунга биноан, юристлар мажбурий вакцинация талаби қонунга зидлигини таъкидлашмоқда. Кремль ҳам эмланишнинг мажбурий бўлишига қарши эканини билдирган эди. Бироқ, шу билан бирга, ҳудудлар маъмуриятининг хатти-ҳаракатлари дастакланмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эмланмаганлар камситиладиган кунлар “келиши муқаррар”лигини айтган.

XS
SM
MD
LG