Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти расмий ташриф билан Тожикистон ва Туркманистонда бўлади


Президент Садир Жапаров 27-29 июнь кунлари расмий ташриф билан Туркманистон ва Тожикистонга боради. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти девони хабар бермоқда.

Ташриф доирасида Садир Жапаров Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан тор ва кенгайтирилган таркибда икки томонлама музокаралар ўтказади. Икки мамлакат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар.

Шунингдек, 28-29 июнь кунлари Президент Садир Жапаров расмий ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлади. Ташриф давомида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини, шу жумладан қирғиз-тожик давлат чегарасидаги масалаларни муҳокама қиладилар.

Бу Садир Жапаровнинг президент сифатида Тожикистонга биринчи ташрифи. 30 апрель куни икки мамлакат раҳбарлари телефон қилиб, икки мамлакат чегарасидаги қуролли можарони муҳокама қилдилар. Қирғизистон Республикаси Президентининг веб-сайтида давлат раҳбарлари шу йил май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олганликлари ҳақида хабар берилган. Эртаси куни президентлар яна телефон қилиб, чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегараларида қуролли тўқнашув бўлиб ўтди, натижада расмий маълумотларга кўра Қирғизистон Республикасининг 189 фуқароси жабр кўрди, улардан 36 нафари вафот этди, шу жумладан икки бола. Тожикистон расмийлари 19 киши ўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилди.

Иккала мамлакат ўзаро айбловларни жўнатишди, Қирғизистон ва Тожикистон назорат органлари оғир моддалари бўйича жиноий иш қўзғашди.

XS
SM
MD
LG