Ссылки доступа

Шанба ва якшанба кунлари яна 47 нафар афғонистонлик Ўзбекистондан юртига қайтарилди


Жорий йилнинг 27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган.

Бундан бир кун аввал, яъни 26 июнь куни эса яна ўша ердан Афғонистон куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни мамлакатдан келганларнинг барчаси ўз ватанига қайтарилганини билдирган.

ТИВ қайдича, Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади.

Расмий Тошкент Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан яна бир бор хавотирда эканлигини билдирган ўзбек дипломатлари курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақирган.

Уларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилган.

Аввалроқ Озодлик шу йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтгани, “зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг” улар юртига қайтарилгани ҳақида хабар қилганди.

Афғонистонликлар шанба ва якшанба кунлари яна Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтгани ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам 28 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда тасдиқлаганди.

XS
SM
MD
LG