Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти Туркманистонга ташрифини якунлаб, Душанбега келди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28 июнь куни кечқурун расмий ташриф билан Тожикистон Республикасига келди.

«Ховар» ахборот агентлигининг хабар беришича, Душанбе аэропортида Қирғизистон раҳбарини Тожикистон бош вазири Кохир Расулзода ва бошқа расмийлар кутиб олишган.

Аввалроқ давлат раҳбари матбуот хизмати ушбу икки кунлик ташриф доирасида Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўртасида икки томонлама музокаралар кутилаётгани, уларнинг мавзуси республикалар ўртасидаги қирғиз-тожик чегарасидаги муаммолар ҳамда ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари бўлишини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, 27-28 июнь кунлари Садир Жапаров расмий ташриф билан Туркманистонда бўлиб, у ерда президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашган, шунингдек Қирғизистон — Туркманистон иқтисодий форуми ишида қатнашган ва туркман саноатчиларини Қирғизистонда корхоналар очишга чақирган.

Ушбу саёҳат натижасида Қирғизистон Республикаси ва Туркманистон раҳбарлари қўшма бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун устав капитали 100 миллион доллар бўлган Қирғизистон — Туркманистон ривожланиш жамғармасини тузишга келишиб олдилар ва шунингдек, туркман газини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.

XS
SM
MD
LG